14:52 01.11.2024Бугун Давлатобод туманидаги "Афсоналар водийси" тематик паркида фестивалнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуритдинов, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси бошқарма бошлиғи Муҳаё Ҳайитова сўзга чиқиб, асаларичилик соҳасидаги ривожланишлар, юртимизда асал етиштириш истиқболлари ва фестивалнинг аҳамияти ҳақида гапириб ўтдилар.
Шунингдек, Германия, Россия Федерацияси, қўшни Қирғиз Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар ҳам Наманган, хусусан, ҳар йили ўтказилиш анъанага айланиб бораётган халқаро "Асал фестивали" ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Таъкидлаш жоиз, бу йилги фестивалда 250 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий асаларичилар ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда. Улар орасида Қирғиз, Қозоғистон республикалари ва Россиядан келган соҳа вакиллари кўпчиликни ташкил этади.
Фестиваль доирасида асаларичиликка бағишланган илмий-амалий конференциялар, спорт тадбирлари, концертлар, маҳорат дарслари ва турли танловлар ўтказилиши режалаштирилган.
Фестиваль 3 кун давом этади ва унга 2,5 мингга яқин хорижий ва 10 мингга яқин маҳаллий сайёҳлар ташрифи кутилмоқда!
Маълумот учун: 2024 йилда республикада экспортга чиқарилган асалари пакетларининг 58,5 фоизи Наманган вилояти ҳиссасига тўғри келади.
Наманган шаҳар ҳокимлиги
Ахборот хизмати