20:40 19.10.2024Наманган шаҳрида қандли диабет касаллиги билан оғриган фуқароларга юқори даражада тиббий хизмат кўрсатиш ва касалликни даволаш бўйича муҳим қадамлар ташланмоқда. Шу мақсадда Наманган шаҳар ҳокими Анваржон Отаходжаев Туркиянинг етакчи тиббиёт муассасалари вакиллари билан мулоқот ўтказди. Ушбу учрашувда қандли диабет билан оғриган беморларнинг саломатлигини тиклашда тажрибали мутахассисларни жалб қилиш ва замонавий тиббий амалиётларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида Наманганда қандли диабет касаллигини даволаш бўйича жарроҳлик амалиётларини йўлга қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Туркиянинг тиббиёт соҳасидаги етакчи муассасалари билан ҳамкорликда мазкур амалиётлар учун замонавий технологиялар ва ускуналарни олиб келиш, шунингдек, маҳаллий тиббиёт ходимларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш режалаштирилмоқда.
Анваржон Отаходжаев ўз нутқида қандли диабет билан қийналаётган фуқароларга юқори даражада сифатли тиббий хизмат кўрсатиш муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди. Унга кўра, касалликни барвақт аниқлаш ва унинг олдини олишда халқаро стандартларга жавоб берадиган даволаш тизимини йўлга қўйиш зарур.
Наманганда қандли диабетни даволаш йўналишида халқаро тажрибани қўллаш, беморларнинг ҳаёт сифати ва саломатлигини яхшилашга ёрдам беради. Туркия билан бундай ҳамкорлик лойиҳалари фуқароларга замонавий ва самарали даволаш усулларини таклиф қилиш имкониятини беради.
Бу каби ташаббуслар Наманган вилоятида тиббий хизматларни ривожлантириш ва турли касалликлар билан курашишга қаратилган муҳим қадам бўлиб, келажакда вилоят аҳолиси учун сифатли тиббий хизмат кўрсатишни янада юқори босқичга олиб чиқишига эришилади.